ИИВ мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ўрганилди
2026-07-08 17:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров бошчилигида ИИВ тизимидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти комплекс ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида муассасаларнинг моддий-техник базаси, болалар хавфсизлиги, озиқ-овқат ва ёнғин хавфсизлиги талаблари, таълим-тарбия жараёни, педагог кадрларнинг салоҳияти ва малака ошириш тизими, замонавий таълим методикалари, аутсорсинг хизматлари фаолияти ҳамда бошқа муҳим йўналишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, тарбияланувчиларда ёшлигидан интизом, ватанпарварлик, масъулият ва қонунга ҳурмат туйғуларини шакллантириш, халқаро илғор тажриба ва замонавий методикалар асосида истиқболда ички ишлар органлари учун муносиб кадрлар захирасини тайёрлашга хизмат қиладиган таълим муҳитини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш якунлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаолият сифатини ошириш ҳамда муассасаларга амалий ва услубий кўмак кўрсатиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.






