Ёшлар. Мард ўғлонлар
2026-07-08 23:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти ИИБ ТВБСО катта мутахассис-алоқачиси, кичик сержант Отабек Холматов болалигида илк бор мағлуб бўлганини яхши эслайди. Ўшанда боксни ташламоқчи бўлди. Лекин отаси Шуҳрат ака уни қўллаб-қувватлади. Ҳали кўп синовларга дуч келишини, уларни енгиб ўта олсагина мақсадга эришишини қулоғига қуйди. Бу ўгит унинг бутун ҳаёти учун дастуриламал бўлди.
2014 йилда илк бор ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. 2016 йилда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Бешта жанг, тўртта ғалаба. Чорак финалда Доминикан Республикаси вакили рақиблик қилганди. Жанг ўта қийин кечарди. Илк раундда сал бўшашди, шекилли, кучли зарбани ўтказиб юборди.
Ўшанда отасининг ирода кўрсатиш тўғрисидаги ўгити бир зумга ёдига тушди. Тезда ўзини ўнглаб, рақибга тинимсиз зарбалар бера бошлади. Натижада 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, бронза медали соҳибига айланди.
Шундан кейин олти карра қитъа, кўп карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.
Жорий йил 30 июнь — Ёшлар кунида Отабек Холматов халқаро майдонда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилгани, ички ишлар тизимида ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда кўрсатган жасорати эътиборга олиниб, Президент қарорига биноан, «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди.
Йигирма саккиз ёшни қарши олган кичик сержант Отабек Холматовдаги меҳнатсеварлик, интилувчанлик, фидойилик унинг бундан кейин ҳам юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишига ишонч уйғотади.
©️ “Postda” газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
