«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги доирасида Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Касби туманида криминоген вазият танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди
2026-07-08 09:00:00 / Янгиликлар

«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги доирасида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оила-турмуш масалаларида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, учраётган низоларни барвақт бартараф этиш, шунингдек, спиртли ичимликлар таъсирида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига қаратилган манзилли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Касби туманининг Денов маҳалласида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий тарзда кўриб чиқилди. Кенг жамоатчилик вакиллари билан муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов, туман ҳокими ҳамда прокурори бошчилигида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда маҳалла еттилиги аъзолари, фаол аҳоли вакиллари, нуронийлар кенгаши аъзолари ва жамоатчилик иштирок этди.
Дастлаб, маҳалладаги криминоген вазият ҳар томонлама таҳлил қилиниб, оилавий турмушдаги келишмовчиликлар, оилавий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш оқибатида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан танқидий фикр-мулоҳазалар юритилди.
Шунингдек, профилактика инспектори, маҳалла еттилиги ҳамда тегишли масъул ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишларга баҳо берилиб, камчиликларни бартараф этиш, нотинч оилалар билан манзилли ишлаш, муаммоли фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оила-турмуш масалаларида диний уламоларнинг ўрни ҳақида ҳам сўз юритилди.
Ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати




