Аёл ва жамият. Комплекс кўмак, амалий натижалар
2026-07-08 08:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Муҳими, бу борадаги ислоҳотлар фақат қоғозда эмас, ҳаётда ўз аксини топмоқда. Буни биргина Нукус шаҳри мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида шаҳарда 1204 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 453 тани ташкил этган эди. Ҳимоя ордерлари сонининг сезиларли даражада ортгани аёлларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб, давлатга ва қонун устуворлигига бўлган ишончи ортаётганини ҳам кўрсатади. Асосийси, ҳимоя ордери шунчаки чора сифатида эмас, балки оилаларни асраб қолишнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. 856 та оила яраштирилиб, 305 та ҳолатда оилавий келишмовчиликларнинг олди олингани бунга ёрқин далилдир. Қувонарлиси, мазкур давр ичида шаҳарда оилалар бузилиши умуман қайд этилмади.
Шу билан бирга, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида ҳимоя ордери талабларини бузган 66 нафар шахс қатъий назоратга олинди, 55 нафар фуқарога нисбатан эса маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланди.
Яқинда шаҳримизда ўтказилган кенг кўламли тадбирлардан бирида шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари, тиббиёт бирлашмаси ва қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорликда иш олиб борди. Тадбир давомида 200 нафардан ортиқ хотин-қизлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада уларнинг 24 нафарида турли касалликлар аниқланиб, 16 нафари зудлик билан шифохонага ётқизилди, 22 нафар аёлга эса бепул дори-дармонлар тарқатилди.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Элликдан ортиқ опа-сингилларимизнинг муаммолари тингланиб, уларга зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Аҳамиятлиси, мурожаатларнинг аксарияти ўша жойнинг ўзидаёқ ижобий ҳал этилди. «Чимбой чайхана» макон фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи А.Пиржанова ана шундай эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилганлардан бири бўлди. Тиббий кўрик давомида унинг саломатлиги жиддий ўрганилиб, касаллиги туфайли нафақага чиқариш бўйича хулоса берилди ва 1-гуруҳ ногиронлиги расмийлаштирилди.
Бундай тадбирларнинг ўтказилиши ва жойида муаммоли масалалар ҳал этилаётгани замирида инсон қадрини юксалтириш, аёлларимизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаб, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсади мужассам.
©️ «Постда» газетаси, Айжамал НАМEНОВА, подполковник. Қорақалпоғистон Республикаси.
