Кадрлар йўналишида 6 ойлик фаолият сарҳисоб қилинди
2026-07-07 18:25:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосарлари полковник Диёрбек Саттаров ва полковник Рустам Мирзаев иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, кадрлар билан таъминлаш, жисмоний ва жанговар тайёргарлик ҳамда тиббиёт йўналишида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар танқидий-таҳлилий муҳокама этилди.
Видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ички ишлар органлари, шунингдек, туман (шаҳар) ички ишлар органлари ҳамда соҳавий хизматлар раҳбар ва масъул ходимлари видеоконференсалоқа орқали иштирок этди. Ҳудудларда амалга оширилган ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, мавжуд камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш йўналишида жорий йилнинг олти ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, йилнинг иккинчи ярмида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳамда хизмат самарадорлигини янада ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда жорий йилнинг июль ойи «Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги» деб эълон қилинди. Таъкидланганидек, тасдиқланган дастур асосида ой давомида вазирликнинг масъул раҳбарлари томонидан ҳудудларга чиқилган ҳолда комплекс ташкилий-амалий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, комплаенс маданияти ҳамда хизмат интизомини янада мустаҳкамлашга қаратилган ишлар амалга оширилади.






