«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири давомида Миробод туманида хавфсиз муҳитни таъминлаш борасида амалий ишлар ўрганилди
2026-07-05 20:55:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, пойтахт туманларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғи, полковник Қобил Шодибеков бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳри Миробод туманидаги маҳаллалар, аҳоли гавжум ҳудудлар, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уй-жойлар атрофида хавфсизлик ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар давомида тумандаги криминоген вазият, жиноятчиликка имкон берувчи омиллар, ҳуқуқбузарликлар содир этилиши мумкин бўлган хавфли нуқталар ҳамда аҳолини безовта қилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳ томонидан маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари, қўриқлаш бўлинмалари ходимлари ва масъул ташкилотлар вакиллари билан биргаликда жойлардаги мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Айниқса, аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари, таълим ва ижтимоий объектларда хавфсизликни кучайтириш, замонавий техник қўриқлаш воситаларидан самарали фойдаланиш, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг шайлиги ва хизмат самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, тунги вақтларда аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўп қаватли уйлар атрофида профилактик тадбирларни кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан эмас, балки уларга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Полковник Қобил Шодибеков масъулларга ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича ишлар қоғозда эмас, амалда сезилиши, фуқаролар ўз яшаш ҳудудида тинчлик ва осойишталикни ҳис қилиши лозимлигини таъкидлаб, бу борадаги вазифаларни манзилли ташкил этиш юзасидан топшириқлар берди.
Мазкур тадбирлардан кўзланган асосий мақсад — Миробод туманида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини янада ошириш ҳамда ҳар бир фуқаро учун осойишта ва хавфсиз яшаш шароитини таъминлашдан иборат.
Пойтахт туманларида жиноятчиликка қарши профилактик чоралар, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти




