Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли тадбирлар ташкил этилди
2026-07-05 16:15:00 / Янгиликлар

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг 30 июнь «Ёшлар куни» муносабати билан ўтказилган ёшлар билан очиқ мулоқотида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда қуйи тизимдаги шаҳар туманлари томонидан ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ташкил этилди.
Хусусан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида вилоят миқёсида истиқомат қилувчи, ички ишлар органлари томонидан оталиққа олинган, профилактик назоратда турувчи, уюшмаган ҳамда вақтинча ишсиз бўлган 80 нафар ёшлар Янгиер шаҳрида жойлашган ЭCО+WООД мебель ишлаб чиқарувчи корхонага ташриф буюришди.
Ташриф давомида ёшлар корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялар асосида йўлга қўйилган меҳнат жараёнлари, маҳсулот тайёрлаш босқичлари ҳамда ходимлар учун яратилган қулай меҳнат шароитлари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, корхона мутахассислари томонидан мавжуд бўш иш ўринлари, меҳнат шартлари, иш ҳаққи ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Корхонада ишлаш истагини билдирган ёшларнинг ҳужжатлари шу куннинг ўзида расмийлаштирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўрилди.
Тадбир доирасида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, вилоятда фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан юзлаб бўш иш ўринлари ёшлар эътиборига ҳавола қилинди.
Иштирокчилар ўз қизиқиши ва мутахассислигига мос иш ўринлари билан танишиш, иш берувчилар билан бевосита суҳбатлашиш ҳамда зарур ҳужжатларини топшириш имкониятига эга бўлди.
Бундан ташқари тадбирда ёшлар бугунги кунда ўзларини ўйлантириб келаётган масала, таклиф ва ташаббуслари билан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига мурожаат қилишди.
Баъзи ёшлар бандлик, яна баъзилари эса соғлигини тиклаш мақсадида тиббий ёрдам кўрсатилишида амалий ёрдам сўрашди.
Рўйхатга олинган мазкур мурожаатларни тез фурсат ижобий ҳал этиш юзасидан муддат ва масъуллар белгиланиб ,ижроси бошқарма бошлиғи томонидан назоратга олинадиган бўлди.
Қайд этиш керакки ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга бўлган қизиқишини ошириш, уларни турли салбий иллатлардан асраш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадидаги «Ёшлар куни» доирасида шу каби тадбирлар вилоятнинг 8 та туманларида ҳам ташкил этилиб, қарийб 380 нафар ёш қамраб олинди.
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлаш қаратилган манзилли учрашув мулоқотлар давом этмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








