Наманганда таълим соҳаси ходималари ўртасидаги волейбол бўйича республика финали ғолиблари аниқланди
2026-07-05 11:00:00 / Янгиликлар

Наманган вилоятида мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган аёл педагоглар ўртасида волейбол бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги учун ўтказилган мусобақанинг республика финал босқичи якунланди. Бош соврин учун Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган ҳудудий саралаш босқичларида ғолиб бўлган жамоалар сафидаги жами 112 нафар таълим соҳаси вакиллари баҳс олиб борди.
Финал учрашувлари олдидан мусобақа иштирокчилари ва меҳмонларини Ўзбекистон волейбол федерацияси раисининг биринчи ўринбосари — Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал майор Рустам Джураев, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ҳамда спорт вазирининг маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжоновлар қутлаб, спортчиларга ёрқин ўйин, ҳалол кураш ва омад тиладилар.
Мусобақа майдонида муросасиз баҳслар кечиб, учрашувлар сўнгги дақиқаларгача мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турди. Якуний натижаларга кўра, Наманган вилояти жамоаси мусобақа ғолибига айланди. Иккинчи ўринни Навоий вилояти вакиллари эгаллаган бўлса, Жиззах вилояти жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Фахрий кубок билан бир қаторда совриндорлар йирик миқдордаги пул мукофотлари билан ҳам тақдирланди. Жумладан, биринчи ўрин учун 150 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 100 миллион сўм, учинчи ўрин учун эса 70 миллион сўм топширилди. Шунингдек, шоҳсупага кўтарилган учала жамоага ҳам Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан таъсис этилган «Дамас» русумидаги автомобиллар совға қилинди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда мукофотларни, шунингдек, автомобиллар калитларини Рустам Джураев, Шерзод Каримов, Фарход Боқиев ва Азизбек Турдиев тантанали равишда топширдилар.
Мазкур мусобақа нафақат педагогларнинг юксак спорт маҳорати ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди, балки гўзаллик, соғлом турмуш тарзи ва спорт байрамига айланди.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати









