Эътироф. Холислик ва тезкорлик — бош мезон
2026-07-04 23:00:00 / Янгиликлар

Очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш жараёнида ички ишлар вазирлиги тизимидаги ахборот хизматлари аҳоли ва вазирлик ўртасида ишончли кўприк бўлиб хизмат қилмоқда.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ИИВда ўтказилган байрам тадбирида ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов соҳадаги ютуқлар ва истиқболдаги вазифаларга тўхталар экан, рақамли маконда аҳолига тезкор ва ишончли маълумот етказиш борасида салмоқли натижаларга эришилганлигини алоҳида таъкидлади.
Вазирлик томонидан жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун тизимли очиқ мулоқотлар йўлга қўйилган.
Жорий йил бошидан буён кенг жамоатчиликни соҳа фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида 100 га яқин пресс-тур, матбуот анжумани ва брифинглар ташкил этилди.
Шунингдек, журналист ва блогерлар билан узвий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ҳар чоракда матбуот анжуманлари ўтказилиб, юзма-юз мулоқот тизими яратилди.
Булардан ташқари, эфирга узатилаётган 15 та кунлик ва ҳафталик махсус кўрсатувлар, дастурлар орқали тизим фаолияти мунтазам ёритилмоқда.
Соҳада эришилган натижаларга қарамай, давр ички ишлар органларининг оммавий ахборот воситалари билан ишловчи ходимлари олдига янги талабларни қўймоқда.
Шунингдек, вазир тадбир давомида янги қиёфада чоп этилаётган «Postda-Ha postu-At the post» газетасидаги ўзгаришлар, ундаги «Болажон», «Оила», «Спорт», «Ёшлар» каби иловалар газетанинг оммабоплигини янада ошираётганлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда тизим фаолиятига оид ахборотларни аҳолига етказишда тезкорлик, холислик ва қонунийлик жамоатчилик ишончини оширишнинг бош омили экани алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларидан тўғри ва самарали фойдаланиш борасида масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Тадбир якунида бир гуруҳ фаол ходимларнинг мукофотланиши тизимда меҳнат қилаётган ижодкор ходимларни янги замон талаблари асосида янада ғайрат билан ишлашга руҳлантириши шубҳасиз.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов, катта мутахассис-мухбир, катта сержант.
