Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасида ёш ходимлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилди
2026-07-04 12:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари тизимида 2026 йилнинг 1 июлдан 31 июль кунига қадар ўтказилаётган «Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги» доирасида Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирлиги Академиясини муваффақиятли тамомлаб, хизмат фаолиятини бошлаган ёш ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Учрашувда бошқарма раҳбарияти томонидан мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, хизмат фаолиятида қонунийлик, хизмат интизоми, ҳалоллик ва Ватанга садоқат тамойилларига қатъий амал қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Ички ишлар вазирлиги Академиясида эгалланган назарий билим ва амалий кўникмаларни кундалик хизмат фаолиятида самарали қўллаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир ёш ходимнинг устувор вазифаси ҳисобланади.
Шунингдек, ота-оналарга фарзандларини ватанпарварлик, юксак маънавият ва масъулият руҳида тарбиялагани учун самимий миннатдорлик билдирилиб, оиладаги тарбия ва доимий қўллаб-қувватлаш ёш ходимларнинг касбий камолоти ҳамда хизматдаги муваффақиятларида муҳим омил экани таъкидланди.
Учрашув давомида ота-оналар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди. Шунингдек, ёш ходимлар учун яратилган хизмат шароитлари, касбий ривожланиш имкониятлари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими юзасидан зарур маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир якунида ёш ходимларга хизмат бурчини шараф билан адо этиш, касбий маҳоратини мунтазам ошириб бориш, хизмат интизоми ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан тавсия ва топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









