ИИВ Малака ошириш институтида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси делегацияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-07-04 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси делегацияси иштирокида халқаро ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Институт раҳбарияти ҳамда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари ўртасида таълим, илмий-тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик соҳаларидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва унинг истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Мулоқот давомида ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнига халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини кенг жорий этиш, қўшма семинарлар, тренинглар ҳамда илмий-амалий анжуманларни ташкил этиш, халқаро экспертлар иштирокида ўқув машғулотларини ўтказиш, замонавий ўқув-методик материалларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва илғор хорижий тажрибаларни ўзаро алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, таълим жараёни сифатини янада ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда тингловчиларнинг халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, қўшма амалий ва илмий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Мазкур учрашув Институтнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, таълим сифати ва ўқув жараёни самарадорлигини ошириш, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларини халқаро стандартлар асосида тайёрлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
ИИВ Малака ошириш институти



