Фидойи аёл тимсоли. Оқ халат ортидаги матонат
2026-07-02 23:00:00 / Янгиликлар

Хоразм вилояти ИИБ Даволаш-профилактика муассасалари тиббиёт бўлими госпитали бошлиғи-шифокори, подполковник Наргиза Қурбонова фаолиятининг асосий қисми шу соҳага бағишланди.
У фаолиятини вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими вилоятлараро касалхонасида физиотерапия хонаси бошлиғи, физиотерапевт шифокор сифатида бошлади. Касбига муҳаббати ва изланувчанлиги туфайли кейинчалик вилоятлараро госпиталь физиотерапия бўлинмаси бошлиғи, шифокор-физиотерапевт лавозимига тайинланди.
Йиллар ўтиб, Н. Қурбонованинг тажрибаси ва салоҳияти ҳам юксалиб борди. Даволаш-профилактика муассасалари госпиталида физиотерапия бўлинмаси бошлиғи, сўнгра ДПМ тиббиёт бўлими госпиталида физиотерапия бўлинмаси бошлиғи лавозимларида самарали фаолият юритди.
Аммо бу ютуқлар ортида кўпчилик билмайдиган ҳаёт синовлари ҳам бор. Подполковник Наргиза Қурбонова бир воқеани кўзларида ёш билан эслайди: — Ишимиз жуда масъулиятли, шу боис бошида болаларимга кўп вақт ажратолмасдим. Турмуш ўртоғим хорижда ишларди. Уй-рўзғор, фарзандлар тарбияси ва хизмат вазифалари — барчаси зиммамда эди.
Бир куни уйга кириб келсcим, саккиз ёшли қизим газ плитага бўйи етмаганидан, оёғи остига ғишт қўйиб олиб қовурдоқ пишираётган экан. Аввалига жуда қўрқиб кетдим. Лекин кейин унинг меҳр билан тайёрлаган овқатини еб, қалбимда ғурур ва миннатдорлик ҳисси уйғонган эди...
Ўша қизалоқ — Фарангиз Ражабова бугун улғайиб, оқила қиз бўлиб етишган. У билан суҳбатлашганимизда, онаси ҳақида шундай самимий фикрлар билдирди: — Онамни жуда яхши тушунаман. Унинг иши ҳам, ҳаёти ҳам осон бўлмаган. Акам иккимиз доим онамни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз. Тўғри, баъзан жуда соғиниб қолардик. Айниқса, мактаб даврларимизда ишдан эртароқ қайтишини кутардик.
Қовурдоқ пиширган куним ҳам аслида онамга ёрдам бермоқчи бўлганман. Ўшандан буён уни ошхонага деярли киритмайман. Уй йиғиштириш, майда-чуйда юмушларнинг ҳаммасини зиммамга олганман. Чунки онам қанчалик чарчаб келишини кўрардим, дам олишини истардим.
Фарангизнинг бу сўзлари оддий хотира эмас, балки она меҳнатига бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг ифодасидир. Ҳақиқатан ҳаири, хизмат формасидаги аёлнинг ортида уни соғиниб кутувчи фарзандлари, сабр билан яшовчи оиласи ва йиллар давомида йиғилган фидойилик қиссаси бўлади.
Бу борада Наргиза опанинг турмуш ўртоғи Муҳаммаджон ака Юсупов ҳам фикрларини билдирди: — Наргизанинг хизматини ҳам, оиладаги масъулиятини ҳам жуда яхши тушунаман.
Бир пайтлар хорижда ишлашимга тўғри келганида фарзандлар тарбияси, уй-рўзғор ва хизмат вазифаларининг барчаси унинг зиммасида қолган. Лекин бирор марта шикоят қилганини эшитмаганман. У ҳар доим касбига садоқат билан ёндашган. Фарзандларимизнинг тарбияси ва ҳаётдаги ютуқларида онасининг ҳиссаси жуда катта. Улар онасига қараб меҳнатсеварликни, сабрни ва кишиларга яхшилик қилишни ўрганишди. Ҳаёт йўлимиз давомида турли синовларни бирга енгиб ўтдик. Аммо Наргизанинг иродаси, сабр-тоқати ва меҳр-муҳаббати оиламиз учун ҳамиша таянч бўлиб келган.
Оқ халат ортида инсон дардига малҳам бўлувчи шифокор туради. Унинг қалбида эса хизмат бурчи билан бирга бир умр фарзандлари учун намуна бўлиб яшовчи меҳрибон она меҳри ҳам мужассам.
Наргиза Қурбонованинг ҳаёт йўли айнан мана шу икки буюк масъулиятнинг уйғунлигидан яралган жасорат қиссасидир. У босиб ўтган йўли ва бугунги фаолияти билан кўплаб аёллар учун ибрат бўлиб келмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Нилуфар Жабборова, Хоразм вилояти.
