Пойтахт ИИББ вакиллари Корея Республикасида ўтказилган Пойтахт полициялари халқаро кенгашида қатнашди
2026-07-01 17:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ҳар бир соҳада ўз эришаётган ютуқлари билан дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортиб келмоқда. Жумладан, ички ишлар органлари фаолиятида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли тизимга замонавий технологияларни жорий этиш, кадрлар билим салоҳиятини ошириш, хизматни янги босқичга олиб чиқиш кабилар жиноятчиликни камайтириш, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга ривожланган давлат тажрибасини ўрганиш ҳамда энг самаралиларини фаолиятга татбиқ этиш, ўзаро тажриба алмашишга катта аҳамият берилмоқда. Шу мақсадда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари жорий йилнинг 23-25 июнь кунлари Корея Республикасининг пойтахти Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Пойтахт полициялари халқаро кенгашининг биринчи йиғилишида (International Capital Police Council – ICPC 2026) иштирок этди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси қаторида, Хитой Халқ Республикаси, Вьетнам Социалистик Республикаси, Филиппин Республикаси, Камбоджа Қироллиги ва Нидерландия Қироллигининг пойтахт полиция идоралари раҳбарлари ҳамда ваколатли вакиллари қатнашдилар.
Кенгаш биринчи йиғилишининг асосий мавзуси «Трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда хориждаги фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пойтахт полициялари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш» концепциясига бағишланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида идоралараро ҳамкорликни кенгайтириш, Корея Республикасининг ваколатли органлари билан икки томонлама шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, полиция фаолиятини рақамли трансформация қилиш соҳасидаги илғор халқаро тажрибани ўрганишдан иборат ташриф ҳар икки томон учун манфаатли ва муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ишчанлик, конструктив ҳамкорлик ва ўзаро келишув руҳида, дўстона муҳитда ўтган тадбир сўнгида трансмиллий жиноятларга қарши кураш ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликдаги фаолиятга тегишли муҳим қарорлар қабул қилинди.


