ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлигида биринчи ярим йиллик якуни бўйича видеоконференция орқали йиғилиш бўлиб ўтди
2026-07-01 16:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 30 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари қўмондони полковник Х.А. Батиров раислигида Қўмондонликнинг марказий студиясидан видеоконференсалоқа (ВКА) тизими орқали кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ҳарбий қисм ва бўлинмаларининг 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширган жанговар-хизмат фаолияти сарҳисоб қилиниб, эришилган ижобий натижалар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар атрофлича таҳлил қилинди.
Ҳисобот даврида ҳарбий қисм ва бўлинмалардаги жанговар шайлиги ва хизмат самарадорлигини ошириш борасида ижобий натижаларга эришилгани таъкидланди.
Бунинг натижасида муҳим ва стратегик аҳамиятга эга бўлган қўриқланаётган объектлар хавфсизлигини таъминлаш сифати янги босқичга олиб чиқилгани, бўлинмаларда маънавий-маърифий ишларни тўғри ташкиллаштирилганлиги ҳамда интизомбузарликнинг олдини олиш борасидаги профилактик тадбирлар натижасида ҳуқуқбузарликлар сони кескин камайгани, шахсий таркиб ўртасида ҳарбий интизом сезиларли даражада мустаҳкамлангани,
қўриқ остидаги объектлар, назорат-ўтиш жойлари замонавий муҳандислик-техник қўриқлаш воситалари ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан қайта жиҳозлангани қайд этилди. Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, фаолиятда йўл қўйилган айрим нуқсонлар ва сусткашликлар ҳам танқидий ва принципиал руҳда муҳокама қилинди. Айрим ҳудудий бўлинмаларда ижро интизомининг етарли даражада эмаслиги, айрим масъул ҳарбий хизматчиларнинг ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашмаганликлари сабабли шахсий таркиб ўртасида ҳарбий интизомнинг сусайиши ҳолатлари кескин танқид қилинди.
Мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида соҳага масъул раҳбарларга шахсий жавобгарлик юклатилди. Йиғилиш якунида аниқланган барча муаммоларни қисқа муддатларда тўлиқ ҳал қилиш ва келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик бўйича аниқ кўрсатмалар ҳамда чора-тадбирлар белгилаб берилди.








