Соҳавий хизматларда. Соддалаштирилган тартиб қулайликка хизмат қилади
2026-06-30 07:55:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда хорижий фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда миграция жараёнларини тартибга солиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасига туризм, таълим, меҳнат фаолияти, даволаниш ва бошқа мақсадларда келиши мумкин. Улар мамлакат ҳудудига кирганидан сўнг уч иш куни ичида вақтинча рўйхатдан ўтишлари лозим.
Жиззах вилояти мисолида оладиган бўлсак, жорий йил бошидан буён 11671 нафар хорижий фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган шахс вақтинчалик рўйхатга олинди. Шундан 3940 нафари ички ишлар органлари орқали, 7731 нафари эса жойлаштириш воситалари томонидан рўйхатга олинган. Уларнинг 6230 нафари 30 кунгача визасиз тартибда келган бўлса, 5441 нафари бошқа асосларда мамлакатга кириб келган. Чет эл фуқароларига, вақтинча рўйхатдан ўтган манзилда яшашлари шартлиги, қонун талабларини бузган шахслар эса белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши тушунтирилмоқда.
Мамлакатимизда чет эл фуқаролар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, визавий ва рўйхатдан ўтиш тартибларининг соддалаштирилиши халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, туризм салоҳиятини ошириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади. Буни биргина Жиззах шаҳрида хорижликлар яшайдиган мавзелар, дунё таомлари ошхоналари пайдо бўлаётганидан ҳам кўриш мумкин.
Рашид СУБОНҚУЛОВ, Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш бошқармаси бош инспектори, подполковник.
