Соҳа фидойилари. «Нега пушаймонлик кеч уйғонади?»
2026-06-30 23:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 11 июнь куни соат тахминан 14:00 ларда Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ҳудудида хизмат олиб бораётган Қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи ходимларининг ҳушёрлиги ва профессионал ҳаракатлари натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатнинг олди олинди.
Кичик сержант Серик Тултебаев, сафдорлар Мирвали Тохиров ҳамда Мансурбек Салоҳиддинов М. Ашрафий 1-тор кўчаси бўйлаб ҳаракатланишаркан, номаълум шахснинг ер ковлаётганини пайқаб қолишади. Мазкур ҳолат тажрибали ходимларда шубҳа уйғотди.
Фуқародан ҳолат юзасидан изоҳ сўралганда, кутилмаганда қочишга уринди. Бироқ ходимларнинг тезкорлиги, ҳушёрлиги ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида қисқа вақт ичида ушланди.
Текширув жараёнида ушланган шахснинг Самарқанд вилоятида яшовчи, 2007 йилда туғилган фуқаро А.Р. эканлиги аниқланди. Соҳавий хизмат ходимлари ва холислар иштирокида ўтказилган дастлабки кўздан кечириш давомида унинг ёнидан скотч бўлакларига ўралган, ҳар бири тахминан 0,5 граммдан қадоқланган 31 дона гашиш наркотик моддаси борлиги маълум бўлди.
Сафдор М. Салоҳиддиновнинг айтишича, А.Р. суҳбат жараёнида қилмишидан пушаймон эканини билдириб, кўз ёш тўкиб кечирим сўраган ва бундай хатони бошқа такрорламасликка ваъда берган.
Инсоннинг хатосини англаб етиши, албатта, яхши, — дейди М. Салоҳиддинов. — Аммо мени бир савол ўйлантиради: нега бу пушаймонлик ушлангандан кейин уйғонади? Нега бу виждон азоби гиёҳвандлик воситалари орқали қанча ёшларнинг тақдирига рахна солинаётганда, қанча ота-онанинг орзу-умидлари пароканда бўлаётганда сезилмайди?
Қонун олдида жавоб бериш арафасида айтилган пушаймонликдан кўра, жиноятга қадам қўймаслик учун етарли бўлган виждон ва масъулият минг карра қадрли эмасми?!
©️ “Postda” газетаси, Адолат Файзиева, Тошкент шаҳри.
