Ҳафта қаҳрамони. Аланга қаршисидаги жасорат
2026-06-28 23:00:00 / Янгиликлар

Ғиждувон тумани Шимолий Араблар қишлоғида соат тахминан 18:00 лар атрофида тўсатдан қуюқ тутун кўтарилди. Аланга тез суръатда кучайиб, атрофдаги уй-жойларга ҳам хавф сола бошлади.
Қишлоқ аҳли саросимага тушган бир пайтда узоқдан кўтарилаётган қора тутунни пайқаган профилактика инспектори, лейтенант Абдуллажон Қўчқоров ўша манзилга ошиқди.
Бундай вазиятда ҳар бир дақиқа инсон ҳаёти ва мулки учун ҳал қилувчи эканини англаган ёш ходим зудлик билан воқеа жойига етиб борди. У аввало, ваҳимага тушган фуқароларни тинчлантириб, уларни хавфсиз ҳудудга чиқариш чораларини кўрди. Кейин эса қўшни хонадондан сув тортиб, аланганинг энг кучайган қисмига сепишга киришди. Унинг тезкор ва қатъий ҳаракатлари туфайли қўшни уй-жойларга ёнғин тарқалишининг олди олинди. Кўп ўтмай етиб келган ёнғин-қутқарув бўлинмалари билан ҳамкорликда олов тўлиқ ўчирилди.
Отам ёнғин содир бўлганини телефон қилиб айтгач, дарров етиб келдим, — дейди фуқаро О.Жўраев. — Профилактика инспекторининг тезкор ҳаракатлари сабабли оловнинг бошқа тураржой биноларига ўтиб кетишининг олди олинди. Бунинг учун Абдуллажондан бир умр миннатдормиз.
Дарвоқе, бу офатдан ҳеч ким тан жароҳати олмади, фуқароларнинг уй-жойлари ва мол-мулки катта талафотдан асраб қолинди. Мазкур ҳолат яна бир бор шуни тасдиқладики, тезкорлик, масъулият ва жасорат ҳар қандай фавқулодда вазиятда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Лейтенант Абдуллажон Қўчқоровнинг саъй-ҳаракатлари фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида ички ишлар органлари ходимларининг доимий шай ҳолатда эканини, уларнинг ҳар бир ҳаракати инсон ҳаёти ва мулкини асрашга қаратилганини яққол намоён этди.
Лавҳамиз қаҳрамони ўтган йили ИИВ Академиясини тугатгач, туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори этиб тайинланган. У хизмат олиб бораётган «Тарханон» МФЙда 3600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан машғул.
Шу боис ҳам ҳудудда ишсизлик муаммоси деярли йўқ. Маҳаллада ўтган ойлар давомида жиноят содир этилмади. Оилавий низолар онда-сонда учраб турсада, дарҳол жойида яраштирилгани ёш ходимнинг «қанотлари» мустаҳкамлигидан далолат беради.
Маҳалла раиси Собир Жўраев кўпни кўрган, зиёли киши. У Абдуллажонга оталарча ғамхўрлик қилиб, маслаҳату насиҳатларини аямай келяпти. Қолаверса, устози, майор Бобир Ҳомидов ҳам ёш профилактика инспекторини ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаб туради.
Абдуллажон, ишлаётганига кўп бўлмасада, бизни ортда қолдирди. Унинг ҳудуди «яшил тоифа»да. У уч ойлик якуни бўйича аввал туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва мукофотига лойиқ кўрилди, сўнг вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди, — дейди майор Б.Ҳомидов. — Тушкунликка тушган фуқароларга далда бўлгани ва жамоат тартибини сақлаганидаги жасорати ҳам юқорида айтилган фикримизнинг исботи бўлди.
©️ “Postda” газетаси, Мирзоқул Аҳадов, Бухоро вилояти.
