Аҳоли мурожаатлари давлат эътиборида: мамлакатимиз бўйлаб ички ишлар органларида навбатдаги сайёр қабуллар ўтказилди
2026-06-29 08:00:00 / Янгиликлар

Юртимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг муаммо ва таклифларини тинглаш ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатида устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан ички ишлар органлари томонидан аҳоли билан мунтазам очиқ мулоқотлар ва сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 28 июнь санасида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов иштирокида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда вазир ўринбосарлари, соҳавий хизматларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш, уларни ҳар томонлама ўрганиш ҳамда амалий ечимлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Фуқаролар учун қулай шароит яратиш мақсадида қабуллар ҳудудлар кесимида турли шаклларда ташкил этилди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси билан бевосита учрашувлар ўтказилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларида яшовчи фуқаролар видеоконференция алоқаси орқали мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Бу амалиёт аҳолига ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан ўз мурожаатларини етказиш имконини яратди.
Қабуллар давомида ички ишлар органлари фаолиятига доир турли йўналишлардаги масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, фуқаролар ўртасидаги молиявий муносабатлар, суриштирув ва тергов ишларида учраётган муаммолар, ижтимоий ҳимоя, аввалги иш жойига қайта тикланиш, шунингдек бошқа ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаат ва таклифлар билдирилди.
Тадбир якунига кўра, жами 432 та мурожаат рўйхатга олинди. Уларнинг 255 таси ёки 59 фоизи қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган 177 та мурожаат эса қўшимча ўрганишни талаб қилганлиги сабабли назоратга олиниб, тегишли соҳавий хизматлар томонидан ижрога қаратилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ўтказилган қабуллар давомида ҳам 401 та мурожаат қабул қилинди.
Шулардан 160 таси, яъни 40 фоизи жойида ҳал этилди, 241 та мурожаатлар қўшимча текшириш ва ҳуқуқий баҳолаш ишларини амалга ошириш учун тегишли тартибда кўриб чиқишга йўналтирилди.
Бу каби сайёр қабуллар давлат органлари билан аҳоли ўртасидаги ўзаро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, давлат идораларига нисбатан ишончни ошириш ва фуқароларни қийнаётган муаммоларни тезкор ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётгани боис, уларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мунтазам равишда давом этиб келмоқда.









