Замонавий хавфсизлик. Илғор технологиялар осойишталик кафолати
2026-06-28 06:05:00 / Янгиликлар

Видеокузатув камералари, интеллектуал таҳлил дастурлари ва рақамли мониторинг тизимлари билан жиҳозланган Тезкор бошқарув марказлари ички ишлар органларида хизмат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқмоқда. Ушбу марказлар вазиятни реал вақт режимида кузатиш, хавфли омилларни барвақт аниқлаш ҳамда жиноятларнинг олдини олишда юқори натижадорлик кўрсатмоқда.
Тезкор бошқарув марказига айни кунда жамоат жойлари, транспорт тугунлари ва инфратузилма объектларида ўрнатилган 7 мингдан ортиқ кузатув камералари интеграция қилинган.
Бунда, айниқса, аҳоли ва сайёҳлар гавжум бўладиган масканларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳудудидаги рақамли тизим тўлиқ ишга туширилиб, 600 дан зиёд кузатув мосламалари бошқарув марказига уланди.
— Марказ сутка давомида узлуксиз мониторинг олиб боради ва юзага келаётган фавқулодда вазиятларга тезкор муносабат билдиради, — дейди вилоят ИИБ Ташкилий бошқармаси Тезкор бошқарув маркази ЙПХ катта инспектор-навбатчиси, лейтенант Савлат Каримов. — Ишимизнинг бош мезони — замонавий интеллектуал таҳлил тизимларини кенг жорий этиш, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ва видеокузатув қамровини мунтазам ошириб боришдан иборат.
Жорий йил бошидан буён Тезкор бошқарув маркази имкониятларидан унумли фойдаланиш натижасида қидирувдаги 107 нафар шахс қўлга олинди, бедарак йўқолган 38 нафар фуқаронинг яшаш ёки турган жойи аниқланди. Шунингдек, қидирувда бўлган 195 та транспорт воситаси ушланиб, 42 та жиноят «иссиқ изида» фош этилди.
Тезкор бошқарув марказининг асосий афзалликлари оператив вазиятни реал вақт режимида, узлуксиз мониторинг қилиш баробарида, воқеа-ҳодисалар ва фавқулодда вазиятларга жавоб бериш вақтини максимал даражада қисқартириш ҳамда куч-воситаларни самарали мувофиқлаштиришда яққол намоён бўлмоқда. Бундан ташқари, қиёфани ҳамда автотранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини танувчи «ақлли» технологиялар хавфсизликни назорат қилишнинг ягона марказлашган моделини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Қисқаси, илғор технологиялар ҳамда инсон билим ва тажрибасининг уйғунлиги асосида фаолият юритувчи Тезкор бошқарув маркази бугун вилоятда осойишталик ва жамоат тартибини таъминлашда муҳим бўғинга айланди. Шу жиҳатдан, марказ фаолияти аҳоли хавфсизлигини кафолатлаш ва жиноятчиликка қарши курашда замонавий хавфсизлик тизимининг ажралмас қисми сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Умида МАМАДАЛИЕВА
Самарқанд вилояти.
