Наманган шаҳридаги «қизил» тоифадаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича комплекс ўрганиш ишлари олиб борилди
2026-06-28 05:10:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳудудида жами 754 та маҳалла мавжуд бўлиб, бугунги кунда уларнинг 33 таси «қизил» тоифада қолмоқда. Ушбу маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда хавфсиз муҳитни шакллантириш мақсадида манзилли ва кучайтирилган тартибда профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.
Бу борада Наманган вилояти ИИБнинг барча соҳавий хизматларидан масъул ходимлар бириктирилиб, ҳар бир маҳалла кесимида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Кўзланган асосий мақсад — «қизил» тоифадаги маҳаллаларни босқичма-босқич «яшил» тоифага ўтказиш, аҳолининг осойишталиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Наманган вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Наманган шаҳридаги «қизил» тоифага киритилган «Бобуршоҳ», «Даштбоғ» ва «Обиҳаёт» маҳаллаларида комплекс ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида ҳудудларда манзилли ишларни самарали ташкил этиш, профилактик тадбирларни янада жадаллаштириш, ҳар бир маҳаллага номма-ном бириктирилган масъул раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириш, профилактика инспекторлари, маҳалла ходимлари ва кенг жамоатчилик ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида алоҳида тоифадаги шахслар, ёшлар ва муаммоли оилалар билан ҳуқуқий тушунтириш ҳамда тарбиявий-профилактик ишларни манзилли ташкил этиш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушбу йўналишда куну тун хизмат ташкил этилиб, маҳаллаларда барқарор ва хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати





