Тошкент шаҳар ИИББда ташкил этилган сайёр қабулда фуқароларнинг Миграция ва персоналлаштириш йўналишидаги муаммолари ўрганилди
2026-06-27 19:40:00 / Янгиликлар

ИИВ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти ҳамда пойтахт ИИББ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш бошқармаси раҳбарияти томонидан ўтказилган қабулга пойтахтнинг турли туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар ташриф буюришди.
Қабулга келган фуқаролиги бўлмаган тўрт нафар шахсларга Президент Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тан олинганлиги эълон қилиниб, идентификация ID-карталари тантанали равишда тақдим этилди. Уч нафар – Д.К., Д.Т., С.У.ларнинг фуқароликни тиклаш, фуқаролиги бўлмаган – Ш.Қ., К.Б., И.З., Н.М., М.А.ларнинг Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш, М.О., И.Д., Д.С.ларнинг вақтинча рўйхатга қўйиш масаласидаги мурожаатлари бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, икки нафар шахсларга фуқаролик паспортини йўқолганлиги сабабли қайта тиклаш, бир нафар чет эл фуқаросининг юртимизда узоқ муддатга келиб туриши учун рухсатнома олиш, республикамиз фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун электрон мурожаати тизимдаги хатолик туфайли рад этилгани сабабли ижобий ҳал этилишида ёрдам берилди. Бир нафарига ҳозирда вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган фарзандининг фуқаролик паспорти муддати тугаганлиги сабабли унга сайёр хизмат кўрсатган ҳолда ID-картасини расмийлаштириш чоралари кўрилди. Яна 5 нафар фуқароларнинг мурожаатлари назоратга олиниб, қонуний ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Қабул чоғида икки нафар – Г.Ю. ва М.С.лар томонидан фарзандларини доимий рўйхатга қўйилишида кўрсатилган ёрдам учун ходимларга миннатдорлик билдирилди. Мазкур қабуллар давомида фуқароларнинг муаммолари ҳал этилиши, уларнинг қонун устуворлигига, манфаатларининг ҳимоя қилинишига ишончини орттириш билан бирга ички ишлар ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.








