Қашқадарё тажрибаси. Мурожаатлар билан ишлашда комплекс ёндашув
2026-06-26 23:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда ички ишлар органларида ҳам мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Қашқадарё вилояти ИИБда тўпланган тажриба амалиётда ижобий натижалар бермоқда.
Вилоят ИИБда мурожаатларни йўналишлар асосида қабул қилиш йўлга қўйилгани самарадорликни оширишда муҳим омил бўлмоқда. Бунда ҳар бир ёзма, электрон ва оғзаки мурожаатни рўйхатга олиш, мазмунан ўрганиш, муаммоларни жойига чиққан ҳолда бартараф этиш ҳамда ижро интизомини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Айниқса, бошқарма раҳбариятининг тез-тез ҳудудларга чиқиб, сайёр қабуллар уюштираётгани, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш хонасида кундалик қабулларнинг тизимли йўлга қўйилгани аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал қилишда қўл келмоқда.
Таъкидлаш керакки, кейинги вақтда мурожаатлар билан ишлаш борасида шаҳар-туман ҳокимликлари, турли мутасадди ташкилотлар ва маҳалла институти ўртасидаги ҳамкорлик механизми кучайтирилди. Бунинг натижасида ижтимоий ҳимоя, бандлик, ички ишлар органларига хизматга кириш, суриштирув ва тергов ҳаракатлари билан боғлиқ мурожаатларни ижобий ҳал этиш кўрсаткичи сезиларли даражада ошди.
Мурожаатлар билан ишлаш жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Электрон тизим орқали ҳар бир мурожаатнинг ҳаракатини кузатиш, ижро муддатини назорат ва таҳлил қилиш имконияти яратилди.
Жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида вилоят ИИБга 11 865 та мурожаат келиб тушди, — дейди Ташкилий бошқарма мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, подполковник Шермуҳаммад Муслимов. — Шундан тергов-суриштирув ҳаракатларига оид масалалар 14 фоизни, ишга қабул қилиш ва қайта тиклаш 61 фоизни, ходимларнинг хатти-ҳаракатидан норозилик кайфияти акс этган мурожаатлар 9 фоизни ташкил этди.
Ҳисобот даврида вилоят ИИБ бошлиғи томонидан 20 та шахсий қабул ўтказилиб, 362 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Уларнинг 215 таси жойида ҳал этилган бўлса, 97 нафар мурожаатчига асослантирилган ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қолган мурожаатлар назоратга олиниб, ижро чоралари белгиланди.
Маълум бўлишича, такрорий шикоятларнинг аксарияти фуқароларга рад этиш қарорларининг асослари тўлиқ ва тушунарли тарзда етказилмагани боис келиб тушган. Мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар чоракда «мурожаатлар харитаси» шакллантирилмоқда.
Шу билан бирга, энг кўп мурожаат келаётган соҳалар бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, рақамли таҳлил қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса муаммоларнинг илдиз сабабларини комплекс ёндашув асосида бартараф этиш имконини бермоқда.
Бошқарма ва шаҳар-туман ИИБларида ҳар ойда «Ҳуқуқий маслаҳат кунлари» ташкил этилаётгани, мурожаатчилар билан очиқ мулоқот муҳити яратилгани ҳам кўзланган самарани бермоқда. Ана шундай тизимли чора-тадбирлар кўрилиши натижасида такрорий мурожаатлар сони 17 фоизга камайишига эришилди.
Мурожаатлар билан ишлашнинг самарадорлиги фақатгина келиб тушган аризалар сони билан эмас, балки уларнинг сифатли ва қонуний ечими билан баҳоланади.
Айни пайтда рақамли мониторинг тизимларини кенгайтириш, масъул ходимларнинг ҳуқуқий кўникмаларини ошириш ҳамда жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантиришга асосий эътибор қаратилган.
Келгусида мурожаатлар билан ишлаш соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, тизимли таҳлил ва жамоатчилик билан мулоқотни янада кучайтириш орқали иш сифатини янги босқичга кўтариш мақсад қилинган.
©️ “Postda” газетаси, Содиқ Раҳимов, Қашқадарё вилояти.
