Бухоро вилоятида кибержиноятларнинг барвақт олдини олиш юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилди
2026-06-25 13:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли топшириғига асосан, Бухоро вилояти ҳокими бошчилигида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда рақамли хавфсизликни таъминлаш ҳолатига бағишланган танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ахборот технологиялари ривожланиб, рақамли имкониятлар кенгайиши билан кибержиноятчилик ҳам тобора ошиб бормоқда.
Вилоятда бу турдаги жиноятлар, хусусан, пластик карталардан ноқонуний пул ечиб олиш билан боғлиқ ўғрилик ва фирибгарлик ҳолатлари умумий жиноятларнинг асосий қисмини ташкил этмоқда.
Аҳоли ўртасида кибергигиена ва рақамли хавфсизлик маданиятини шакллантириш бўйича тарғибот тадбирлари етарли даражада олиб борилмаётганлиги оқибатида кўплаб фуқароларимиз, жумладан, нафақахўрлар, ишсизлар ва давлат хизматчилари ҳам фирибгарлар тузоғига тушиб қолмоқда.
Вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши асосида кибержиноятларга қарши курашиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган бўлишига қарамай, айрим раҳбарлар бу жараённи фақат четдан кузатиш билан чекланиб қолаётганлиги қаттиқ танқид қилинди.
Ташкилот ва идораларда киберхавфсизлик соатлари ўтилмаётганлиги, маҳалла фаоллари ҳамда банк ходимлари томонидан аҳолини огоҳлантириш ишлари оқсоқланаётганлиги, шаҳар ва туманлардаги катта экранларда доимий равишда огоҳлантирувчи роликлар намойиш қилинмаётганлиги муаммонинг янада чуқурлашишига сабаб бўлмоқда.
Муҳокама давомида, зарарли дастурлар ва турли сохта иловалар орқали содир этилаётган фирибгарликларнинг барвақт олдини олишга алоҳида урғу қаратилиб, ҳар қандай шубҳали дастурни телефонга ўрнатишдан олдин мутахассислар ёки махсус ботлар орқали текшириб кўриш маданиятини шакллантириш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш ва мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш мақсадида, фош этилмаган ҳамда вазирлик назоратига олинган жиноятларни очиш натижадорлигини доимий равишда муҳокама қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланди.
Шунингдек, фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги хавфлардан ишончли ҳимоя қилиш учун «Cйбер-шиэлд» Телеграм ботини барча маҳалла, ташкилот ва корхоналарнинг Телеграм каналларига улаш чоралари кўрилади.
Жиноятчиликни жиловлашнинг дастурий таъминотини кучайтириш доирасида тегишли органлардан электрон санкцияларни олиб, «Cардблоcк» тизимига ўз вақтида киритишни қатъий назоратга олиш ҳамда содир этилган ҳар бир жиноят ҳақидаги маълумотларни «Турон» ахборот тизимига зудлик билан тўлиқ киритилишини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб олинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









