ИИВ Малака ошириш институтида тавсияномалар ва «Профессор» илмий унвони гувоҳномаларини тантанали топшириш маросими ўтказилди
2026-06-25 13:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида кўп йиллар давомида юксак фидойилик, садоқат ва масъулият билан хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимларнинг фарзандларига фуқаролик ва ҳарбий таълим муассасаларига имтиёзли тартибда ўқишга қабул қилиниши учун берилган тавсияномаларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда институт раҳбарияти томонидан таълим ва илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшаётган профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимларнинг меҳнати юксак эътироф этилиб, уларнинг фарзандлари учун яратилган мазкур имконият давлатимиз томонидан инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратилаётган шарт-шароитларнинг амалий ифодаси экани таъкидланди.
Шунингдек, тадбир доирасида илмий-педагогик фаолиятда юқори натижаларга эришиб, таълим тизими ривожига муносиб ҳисса қўшаётган устозга «Профессор» илмий унвони гувоҳномаси топширилди.
Тавсияномалар ҳамда «Профессор» илмий унвони гувоҳномаларини топшириш маросими самимий ва кўтаринки руҳда ўтиб, иштирокчиларда катта мамнуният ва фахр туйғуларини уйғотди.
Тадбир якунида тақдирланганларга келгуси фаолиятларида янги ютуқлар, мустаҳкам соғлиқ ва улкан муваффақиятлар тилаб қолинди.
ИИВ Малака ошириш институти








