Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази томонидан Фарғона вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда
2026-06-22 13:00:00 / Янгиликлар

Фарғона вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ҳудудларда тезкор вазиятни реал вақт режимида кузатиб бориш мақсадида «Хавфсиз шаҳар» тизимининг ягона аппарат-дастурий платформаси чекка ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Фарғона шаҳрида сервер қурилмалари ўрнатилган, бу билан видеомаълумотларни марказлашган ҳолда қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш имконини бермоқда.
Шунингдек, вилоятдаги 147 та «қизил» тоифадаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ўрнатилган 2 290 та интеллектуал видеокузатув камераси «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий платформасига интеграция қилинди.
Вилоят ҳудудида ўрнатилган интеллектуал видеокузатув камераларининг «Хавфсиз шаҳар» платформасига интеграция қилиниши жамоат тартибини сақлаш, транспорт оқимини назорат қилиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилмоқда.
Жумладан, «қизил» тоифадаги маҳаллалар, Қува тумани ҳудудлари ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга объектларда замонавий видеокузатув воситалари орқали узлуксиз мониторинг йўлга қўйилган.
Мазкур рақамли ечимлар Фарғона вилоятида хавфсиз муҳитни шакллантириш, вазиятга тезкор муносабат билдириш ҳамда ички ишлар органлари фаолиятида таҳлилий бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази









