Жазони ижро этиш тизимида. Соғлом оила — барқарор хизмат, аҳил жамоа
2026-06-22 23:00:00 / Янгиликлар

ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти томонидан Бухоро шаҳридаги «Варнет» ботаника боғида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
«Соғлом оила — барқарор хизмат, аҳил жамоа» ойлиги доирасида ўтказилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасидаги ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш, соғлом оилавий муҳитни қарор топтириш ҳамда жамоаларда ҳамжиҳатлик ва руҳий барқарорликни таъминлашдан иборат эди.
Тадбирда Бухоро давлат университетининг малакали психолог мутахассислари жазони ижро этиш колониялари ходимлари ҳамда уларнинг турмуш ўртоқлари учун махсус тренинг машғулотлари ўтказишди.
Машғулотлар давомида оилавий муносабатларда самарали мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро ишончни кучайтириш, низоларни тинч ҳал этиш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти каби муҳим мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Мутахассислар томонидан иштирокчиларга стресс ҳолатларини бошқариш, оилада соғлом психологик муҳитни шакллантириш ва руҳий саломатликни асраш бўйича амалий тавсиялар берилди. Тренинглар интерактив усулларда ташкил этилди.
Тадбирнинг амалий қисмида эса оилаларни янада жипслаштириш ва эзгу анъаналарни қарор топтириш мақсадида «Оила боғи» лойиҳасига старт берилди. Унда ходимлар ўз турмуш ўртоқлари билан биргаликда гул ва манзарали дарахт кўчатларини экиб, янги ташаббусга тамал тошини қўйишди.
Лойиҳа доирасида ҳар бир оила мунтазам равишда кўчат экиш ва парваришлаш орқали нафақат атроф-муҳит ободончилигига ҳисса қўшади, балки оила аъзолари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бирдамликни янада мустаҳкамлайди. Бу эса келгусида «Оила боғи»ни эзгу анъаналар масканига айлантиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда ҳар бир ходимнинг хизмат самарадорлиги, аввало, унинг оиласидаги тинчлик ва хотиржамлик билан чамбарчас боғлиқ, — дейди ЖИЭД Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Муҳайё Закирова. — Оилада меҳр-оқибат ва ўзаро тушуниш муҳити мустаҳкам бўлса, инсон ҳар қандай вазифани ишонч билан бажара олади.
Шу боис «Соғлом оила — барқарор хизмат, аҳил жамоа» ойлиги доирасида ташкил этилаётган тадбирлар орқали ходимларимиз ва уларнинг оила аъзоларига психологик кўмак бериш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда жамоаларда соғлом муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Дарҳақиқат, соғлом ва аҳил оила самарали хизматнинг ишончли гаровидир. Шу боис тизимда оила институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Хадича Ўтаева, капитан.
