Гиёҳвандликка қарши курашда қонун устуворлиги ва киберхавфсизлик — жамият барқарорлигининг муҳим омили
2026-06-21 13:10:00 / Янгиликлар

Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида вилоят Ички ишлар бошқармаси, Термиз шаҳар Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан прокуратура ва суд органлари ҳамкорлигида кенг қамровли тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июнда қабул қилинган “Айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1151-сонли Қонунининг мазмун-моҳияти, гиёҳвандликнинг аҳоли саломатлиги ва генофондига салбий таъсири, жамият хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамияти атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, иштирокчиларга бугунги кунда долзарб масалага айланган кибержиноятлар, интернет орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида муҳим маълумотлар берилди.
Тадбирда пробация ҳисобида турган шахслар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, мутахассислар томонидан берилган ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий тавсияларга қизиқиш билдирдилар.
Бундай тарғибот тадбирлари аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жамиятда хавфсиз муҳитни таъминлашга хизмат қилмоқда.









