Интерпол томонидан ўта йирик миқдордаги фирибгарлик учун қидирувда бўлган шахслар Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
2026-06-20 13:00:00 / Янгиликлар

Интерполнинг Тошкент ва Абу Даби шаҳарларидаги Миллий марказий бюроларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан халқаро миқёсда Интерпол каналлари орқали қидирувда бўлган жиноятчиларни топшириш масаласи ҳал этилди.
Интерполнинг Тошкент ва Абу-Даби шаҳарларидаги Миллий марказий бюроларининг яқин ҳамкорлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Дубайдаги Бош консулхонаси ҳузуридаги вакилининг кўмаги ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши натижасида халқаро қидирувда бўлган шахслар Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига топширилди.
Ушбу фуқаролар ўта йирик миқдордаги фирибгарлик жиноятини содир этганликлари учун Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан қидирувга берилган эди.
Хорижий ҳамкорлар ва Ўзбекистон томонининг келишилган саъй-ҳаракатлари туфайли қидирувдаги шахслар Интерпол Миллий марказий бюроси ходимларига топширилиб, Ўзбекистон Республикасига олиб келинди.
Ҳозирги вақтда қўлга олинганлар зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органларига топширилган. Келгусида улар суд олдида жавоб беради ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жазо белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Интерпол Миллий марказий бюроси содир этилган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаган ҳолда, чет элда одил судловдан яшириниб юрган шахсларнинг манзилини аниқлаш ва мамлакат ҳудудига қайтариш бўйича тизимли ишларни давом эттирмоқда.
Ўзбекистон Республикасидаги Интерполнинг Миллий марказий бюроси

