Спорт. Шоҳсупада — Академия спортчилари
2026-06-20 23:00:00 / Янгиликлар

ИИВ Академиясида курсантларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, замонавий сузиш ҳавзасида курсантлар мунтазам равишда машғулотларда иштирок этади.
Тизимли ва кучайтирилган машғулотлар, тинимсиз меҳнат самараси ўлароқ, яқинда бўлиб ўтган нуфузли спорт беллашувида вакилларимиз фахрли биринчи ўринни қўлга киритишди.
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида сузиш бўйича турдош олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган мусобақада Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиялари, Жамоат хавфсизлиги университети, Божхона, Қуруқликдаги қўшинлар, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтлари ҳамда мезбон жамоа вакиллари иштирок этди.
Муросасиз ўтган мусобақада ИИВ Академияси курсантлари энг юқори натижаларни қайд этишди. Жумладан, 100 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича яккалик баҳсларида Ўлмасбек Бахтиёров
59 сония натижа билан биринчи ўринга сазовор бўлган бўлса, 4х50 метрлик жамоавий эстафетада ҳам курсантларимизга тенг келадиган рақиб топилмади.
Ҳар иккала йўналишда Давлат хавфсизлик хизмати академияси ҳамда Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети курсантлари маррага бирин-кетин етиб келиб, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритишди.
Мусобақа якунига кўра, юксак маҳорат кўрсатган ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ҳамда кубок билан тақдирланди.
©️ “Postda” газетаси, Жамшид Холов, майор.
