Аёл ва жамият. Қалбларга йўл топиб
2026-06-20 06:25:00 / Янгиликлар

Ҳуқуқ-тартибот тизими кўпчиликка қатъият ва интизомдан иборатдек кўринсада, унинг инсон тақдири билан боғлиқ шундай жабҳалари борки, бу ерда касбий маҳорат билан бир қаторда, меҳр, сабр ва нозик қалб ҳам талаб этилади. Ана шундай фазилатларни ўзида мужассам этган фидойилардан бири Наманган давлат университети профилактика инспектори, «Касб аълочиси» кўкрак нишони соҳиби, лейтенант Лолахон Низомовадир.
Унинг хизмат фаолияти 2007 йилда Мингбулоқ тумани ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмасида сафдор ходимликдан бошланган. Ёш қиз учун бу соҳа осон эмасди. Бироқ у қийинчиликлардан чўчимади, аксинча, ҳар бир синовни тажриба ва маҳоратни ошириш мактаби деб билди.
Тинимсиз меҳнат, билимга чанқоқлик ва ўз устида ишлаш натижасида 2010 йилда ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларида таҳсил олган Лолахон кейинчалик Академияни муваффақиятли тамомлаб, олий маълумотли ҳуқуқшунос сифатида хизматини давом эттирди. Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази инспектор-ижтимоий ходими ўлароқ, адашган ўсмирларни тўғри йўлга бошлаш, уларнинг қалбидаги оғриқ ва изтиробларни англаш, оила ва жамият бағрига қайтариш унинг кундалик вазифасига айланди.
— Ҳар бир боланинг қалбига йўл топиш учун, аввало, уни эшитиш керак, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Баъзан бир оғиз меҳрли сўз, самимий суҳбат инсон тақдирини ўзгартириши мумкин. Зеро, болалар билан ишлашда меҳр ва ишонч катта аҳамиятга эга. Ҳаётда адашган ёшларни тўғри йўлга қайтариш — биз учун энг катта ютуқ.
Бугун Лолахон Низомованинг меҳнат фаолияти талабалар ҳаёти билан чамбарчас боғланган. Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, турли салбий таъсирлардан асраш унинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Университет жамоаси ва талабалар орасида у нафақат талабчан ходим, балки маслаҳатчи, суҳбатдош ва ғамхўр инсон сифатида ҳам ҳурмат қозонган. Чунки у ҳар бир ёшнинг орзуси, интилиши ва муаммосига бефарқ қарамайди. Ҳамкасблари ҳам унинг касбига бўлган садоқати, юксак масъулияти ва ёшлар билан мулоқот қилиш маданиятини алоҳида эътироф этишади. Айниқса, ҳар қандай вазиятда ҳам инсон қалбига йўл топа билиши унинг энг муҳим фазилатларидан бири сифатида қадрланади.
Ёшлар қалбига эзгулик уруғини қадаётган, уларни маърифат сари бошлаётган инсонлар ҳар қандай эътирофга муносибдир. Зеро, ёшлар тақдирига дахлдор ҳар бир хайрли иш, ҳар бир эзгу амал келажак пойдеворига қўйилган ғиштдир.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ, ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
