Қашқадарёда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ўрганишлар ўтказилди
2026-06-19 15:40:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатиш ҳамда оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати ҲПБ бошлиғининг ўринбосари, полковник Нилуфар Ғиясова Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Қарши ва Косон туманларида бўлиб, жойларда ўрганиш ишларини олиб борди.
Дастлаб, Қарши шаҳридаги «Оила маскани»да ёш никоҳланувчилар билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда ёш никоҳланувчиларга мустаҳкам оила қуриш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва оилавий муносабатларда ўзаро масъулиятни кучайтиришга оид тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ва таклифлари ўрганилди. Тадбир доирасида ташкил этилган сайёр қабулда ҳам фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Мухтасар айтганда, Қарши шаҳри, Қарши ва Косон туманларида амалга оширилган ўрганишлар давомида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва мавжуд муаммоларни жойида ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.









