Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг Самарқанд вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда
2026-06-18 09:00:00 / Янгиликлар

Самарқанд давлат университетида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев ва Ички ишлар вазирининг ўринбосари Р.Ашропов раҳбарлигида Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосари, ёшларга масъул ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокида низоларни медиация усулида ҳал этиш борасида маҳалла еттилигини ўқитиш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Семинарда, Тошкент давлат юридик университети, Криминология тадқиқот институти ҳамда Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан «Оилавий низоларни медиация йўли билан ҳал қилиш« ҳамда «Обод ва хавфсиз маҳалла тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш тартиби« мавзуларида маърузалар қилиниб, иштирокчиларнинг мавзуга оид савол ва таклифлари жонли мулоқот шаклида муҳокамалар қилинди.
Бундан ташқари, Самарқанд давлат университетида олий таълим ташкилотлари томонидан хавфсиз ҳудуд, хавфсиз муҳит, хавфсиз талаба тамойили асосида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Ишчи гуруҳ мазкур даргоҳда олиб борилаётган таълим жараёни, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият билан яқиндан танишди.
Шунингдек, ишчи гуруҳи ёшлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар, уюшмаган ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг келгусидаги синов-имтиҳонларига тайёргарлигини ошириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Жараёнда профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар, илмий-инновацион ишланмалар ҳамда амалий аҳамиятга эга ғоялар тақдимоти намойиш этилди.
Якунида, университетда талабалар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ёшлар ўртасида ижтимоий барқарор муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган «Қалқон» жамоатчилик гуруҳи фаолияти ҳам ўрганилиб, фаол гуруҳ аъзолари муносиб рағбатлантирилди.
Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг Самарқанд вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти





