Тошкент шаҳар ИИББда ёш ходимлар ўртасида “Ҳарбий эстафета” мусобақаси бўлиб ўтди
2026-06-18 09:00:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳар ИИББда ёш ходимларнинг маънавий-маърифий шаклланиши қаторида ўз хизмат вазифаларини аъло даражада бажариш, мустақил тўғри қарор қабул қилиш, жамоавий ҳаракатланиш, жамоада ҳурмат ва фидойилик, ўзаро ишонч муҳитини яратиш, ватанпарварлик, жасорат ва мардлик руҳини ошириш, жисмоний тайёргарлик тизимини такомиллаштириш каби касбий сифатлар кўникмасига муҳим эътибор қаратиб келинмоқда.
Шу мақсадда ёш ходимлар ўртасида “Ҳарбий эстафета” мусобақаси ташкил этилди. Мусобақада 30 ёшдан ошмаган, ҳар бир жамоада 7 нафар йигит ва 3 нафар қизлардан ташкил топган 12 жамоа қатнашди.
Ғолиблик учун курашувчилар умумий 1.200 метрни ташкил қилувчи масофада югуриш билан бирга, ҳар бир 100 метрда 9 мм ПМ “Макаров” пистолети, К-74 “Калашников” автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, газга қарши ниқобда югуриш, иштирокчини санитарлар замбилида 100 метр масофага кўтариб бориши, 20 кг ўқ-дори қутисини кўтарган ҳолда югуриш, шартли равишда чап қўли синган ва ўнг оёғи соҳасидан яраланган иштирокчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, “Макаров” пистолети ёрдамида 25 метр узоқликдаги нишонни 5 та жанговар ўқ билан йўқ қилиш, 30 дона ўқ жойланган “Калашников” автомати билан югуриб финиш чизиғини босиб ўтиш машқларини бажардилар.
Ҳакамларнинг қатъий назорати остида ўтган қизиқарли ва шиддатли беллашувларда 1-ўринни Чилонзор тумани ИИО ФМБ жамоаси, 2-ўринни ИИББ ППХБ, 3-ўринни Яшнобод тумани ИИО ФМБ терма жамоаси қўлга киритди.
Мусобақада фаол қатнашиб, ўз касбий, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини намойиш этиб, ҳамкасблари орасида энг чаққон, энг абжир ва моҳирлиги билан намуна бўлган ёш ходимлар Бош бошқарма раҳбариятининг тегишли диплом ва мукофотлар билан тақдирланишди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати









