Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтида ўқув семинари ташкил этилди
2026-06-18 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз позицияларини янада яхшилаш масалаларига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ички ишлар органлари соҳавий хизматлари вакилларининг халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларнинг ушбу йўналишдаги шахсий масъулиятини ошириш ҳамда фаолият самарадорлигини замонавий талаблар ва илғор ёндашувлар асосида такомиллаштиришдан иборат бўлди.
Семинарни Криминология тадқиқот институти етакчи илмий ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист А.О. Шарафутдинов очиб берди.
У ўз маърузасида халқаро рейтинг ва индексларнинг давлат бошқаруви самарадорлиги, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда халқаро майдондаги имижини шакллантиришдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида ички ишлар органлари фаолиятига дахлдор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги кўрсаткичлари ҳамда уларнинг динамикаси атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, «Ҳуқуқ устуворлиги» индекси, «Бошқарув сифати» индикаторлари, «Аёллар, бизнес ва қонун» индекси, «Глобал инновация» индекси ҳамда ички ишлар органлари фаолияти билан узвий боғлиқ бўлган бошқа халқаро баҳолаш механизмлари доирасидаги натижалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, рейтинг ва индекслар кўрсаткичларининг ўзгаришига таъсир этувчи омиллар, мавжуд муаммо ва камчиликлар, соҳавий хизматлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари юзасидан танқидий-таҳлилий муҳокамалар ўтказилди.
Муҳокамалар жараёнида кўрсаткичларни яхшилашга қаратилган устувор вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти



