Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Сирдарё туманида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди
2026-06-16 11:30:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Фаррух Хайдаров томонидан Сирдарё тумани ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Хусусан, ташриф доирасида туманнинг “Адолат” маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–1 ва ПҚ–2-сон қарорлари ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган “Чилонзор тажрибаси” асосида белгиланган вазифалар ижроси таҳлил қилинди.
Дастлаб, маҳалла ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар билан манзилли ва тизимли ишлаш ҳамда криминоген вазиятни назорат қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар жараёнида Сирдарё тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан давлат раҳбарининг ПҚ–1-сон қарори ҳамда “Чилонзор тажрибаси” доирасида амалга оширилган ишлар, жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, шунингдек маҳалладаги криминоген вазият юзасидан батафсил тақдимот қилинди.
Шу билан бирга, маҳалла “еттилиги” аъзоларининг фаолияти, маҳаллага бириктирилган профилактика инспекторининг хизмат самарадорлиги, муқаддам судланган шахслар, профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар ҳамда алоҳида назорат талаб этиладиган тоифадаги шахслар билан олиб борилаётган профилактик ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Ушбу йўналишда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шахсларни ижтимоий мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда такроран ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни янада кучайтириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ташриф давомида маҳалла ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган видеокузатув камералари ва рақамли назорат воситалари фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида хавфсизлик талабларига риоя этилиши, техник қўриқлаш воситаларининг ҳолати ва профилактик тадбирларнинг ташкил этилиши ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбар ва ходимларга тегишли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Ташриф якунида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








