Россия ҳудудида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-16 11:15:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 9-13 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва персоналлаштириш департаменти вакили Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О.С. Абдуллаев бошчилигидаги идоралараро делегация таркибида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳри, Ленинград вилояти ҳамда Калининград шаҳрида ўтказилган меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган ишчи учрашувларда иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар миграция соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилдилар.
Учрашувларда икки давлатнинг тегишли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, миграция соҳасида қонунийликни таъминлаш ҳамда меҳнат мигрантлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.








