Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2026-06-15 23:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бирлашган таҳририяти ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Транспорт тизимида хавфсизликни таъминлаш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадидаги ушбу ҳужжатни ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси Зуфар Нарзуллаев имзолади.
Ушбу меморандум темир йўл транспорти объектлари ва ҳудудларида хавфсизлик маданиятини юксалтириш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, ИИО тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида жамоатчиликни тезкор, холис ва сифатли ахборот билан таъминлаш бош мақсад этиб белгиланган.
Тадбирда ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов сўзга чиқиб, бугунги кунда транспорт объектлари ва ҳудудларида хавфсизликни таъминлашда нафақат соҳа ходимлари, балки кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, таниқли шоир, Зикрилла Неъматов ҳамда ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, подполковник Хуршид Рўзиев сўзга чиқиб, мазкур ҳамкорликнинг истиқболлари, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Ҳамкорлик доирасида йўловчилар ва темир йўл соҳаси ходимлари ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишлари янгича ёндашувлар асосида ташкил этилади. Бунда асосий эътибор хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш маданиятини шакллантиришга қаратилган мақолалар, таъсирчан видеороликлар ва инфографикалар тайёрлашга қаратилади.
Бундан ташқари, темир йўл вокзаллари ва поездларда ҳуқуқий-тарғибот материаллари ҳамда ижтимоий рекламаларни жойлаштириш, ИИВ Бирлашган таҳририяти нашрларини кенг тарғиб этиш, қўшма брифинглар, пресс-турлар ва маданий-маърифий тадбирларни тизимли равишда биргаликда ташкил этиш режалаштирилди.
©️ “Postda” газетаси, Азамат Ахматов, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи бош мутахассиси, майор.
