Касбидан камол топганлар. 96 ёшли подполковник
2026-06-14 17:35:00 / Янгиликлар

Маҳмуджон Жўраевнинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келганлиги боис у эрта улғайди, фронт ортидаги машаққатли меҳнат ва уруш даврининг етишмовчиликлари бўлажак посбоннинг иродасини тоблади, характерини чиниқтирди.
1953 йилда Наманган шаҳар 2-сонли милиция бўлинмасида оддий милиционер сифатида иш бошлаган Маҳмуджон соҳани мукаммал эгаллаш мақсадида Тошкент олий милиция мактабига ўқишга кириб, 1956 йилда уни муваффақиятли тамомлади.
Дастлаб ёшлар билан ишлаш бўйича инспектор, сўнгра участка нозири вазифаларида фаолият юритиб, жамиятнинг турли қатламлари билан мулоқот қилиш, одамлар қалбига йўл топиш борасида тажриба тўплади.
Кейинчалик хизмат фаолиятини жиноят қидирув соҳасида давом эттирди. Қарийб ўн бир йил тезкор вакил ва катта тезкор вакил сифатида хизмат қилди.
Наманган шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари, 1-сонли милиция бўлинмаси бошлиғи ҳамда вилоят ички ишлар органлари жиноят қидирув соҳасида масъул лавозимларда сидқидилдан фаолият кўрсатди.
Бугун Маҳмуджон Жўраев 96 ёшда. У Наманган шаҳрининг «Янги аср» маҳалласида фарзандлари, набира ва чеваралари ардоғида умр кечирмоқда. Суҳбат асносида отахон шукроналик билан шундай дейди:
— Шукр, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Биз орзу қилган саодатли кунлар шу эмасмиди? Ортда қолган умримда қийинчилик ва синовлар бўлди. Лекин барчасига сабр қилдик. Эл тинчлиги учун қилган камтарона хизматларим зое кетмаганидан мамнунман.
Истеъфодаги подполковник Маҳмуджон Жўраев кўп фарзандли, ибратли оила боши ҳам. Унинг 11 нафар фарзанди, 38 нафар набираси ва юздан ортиқ чевараси бор. Эътиборлиси, фарзандларидан уч нафари ота изидан борди.
Жумладан, ўғли Маъруфжон Жўраев Наманган шаҳар ички ишлар органларида профилактика инспектори бўлиб хизмат қилиб, капитан унвонида пенсияга чиққан. Орифжон Жўраев қўриқлаш хизматида инспектор бўлиб ишлаб, майор унвони билан хизматини якунлаган. Оиланинг яна бир вакили — Муҳаммаджон Жўраев эса айни пайтда қўриқлаш хизматида кичик инспектор сифатида фаолият олиб бормоқда. Бу ота касбига бўлган чексиз ҳурмат, оилавий анъананинг давомийлиги ва Ватанга садоқат туйғуси авлоддан-авлодга ўтиб бораётганининг ёрқин намунасидир.
Жаҳонгир Тўхтасинов, ўз мухбиримиз. “Постда”
Наманган вилояти
