Ўзбекистон Республикаси ИИВ Интерпол ММБ қидирувдаги икки шахсни ушлаш ва топширишда кўмаклашди
2026-06-14 12:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Интерпол Миллий марказий бюроси ва Туркия Республикасининг ваколатли органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар натижасида халқаро қидирувда бўлган икки нафар фуқаро аниқланиб, қўлга олинди ва Ўзбекистон Республикасига депортация қилинди.
Тезкор ахборот алмашинуви, ўтказилган музокаралар ва икки давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик туфайли Туркия томони қидирувдаги шахсларни депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қўлга олинганларнинг бири қасддан баданга оғир шикаст етказганлиги (ЖК 104-моддаси), иккинчиси эса фирибгарлик (ЖК 168-моддаси) содир этганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қидирувда бўлган.
Бугун қидирувдаги бу икки шахс Истанбул шаҳридан авиарейс орқали Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга олиб келинди ва мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ кейинги процессуал ҳаракатларни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларига топширилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Интерпол Миллий марказий бюроси мамлакат ташқарисида тергов ва суд идораларидан яшириниб юрган шахсларни қидириш, шунингдек, трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишларини давом эттирмоқда.
Ўзбекистон Республикасидаги Интерпол Миллий марказий бюроси

