Наманган вилоятида ИИВ раҳбарияти томонидан сайёр қабул ўтказилди
2026-06-13 19:30:00 / Янгиликлар

Айниқса, вазирлик раҳбариятининг ҳудудларга чиқиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиши одамларни безовта қилиб келаётган масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай сайёр қабуллар фуқароларга ўз муаммоларини масъул раҳбарларга тўғридан-тўғри етказиш имконини бериб, мурожаатларнинг тезкор ва адолатли ҳал этилишига хизмат қилмоқда.
Ана шундай сайёр қабуллардан бири Наманган вилоятида ИИВ раҳбарияти томонидан ўтказилди.
Фуқаролар қабули Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасининг маъмурий биносида бўлиб ўтди. Тадбир давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, пробация, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш хизматлари, шунингдек ички ишлар органлари фаолиятининг бошқа йўналишларига оид мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Келиб тушган мурожаатларнинг бир қисми фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар соҳасига оид масалаларни қамраб олган бўлса, айрим фуқаролар йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш, фирибгарлик, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш юзасидан ҳам таклифлар илгари сурилди.
Сайёр қабул якунлари бўйича бир қатор мурожаатлар жойидаёқ ижобий ҳал этилди. 6 нафар мурожаат этувчига ҳуқуқий тушунтириш ва юридик маслаҳатлар берилди. 9 мурожаат қўшимча ўрганиш учун қабул қилиниб, улар бўйича масъул ижрочилар белгиланди ҳамда аниқ топшириқлар берилди. Мазкур мурожаатларнинг тўлиқ, холис ва қонуний кўриб чиқилиши алоҳида назоратга олинди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати




