Соҳа фидойилари. Дўрмонлик Зоҳиджоннинг бахти
2026-06-12 23:00:00 / Янгиликлар

Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони мутахассиси катта сержант Зоҳиджон Розиқов фаолияти давомида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатиб келмоқда.
Лавҳамиз қаҳрамонининг касб маҳорати, айниқса, аҳоли гавжум ҳудудларда, шубҳали ҳолатларга ҳушёрлик билан тезкор муносабат билдиришда яққол намоён бўлади.
У хизмат ўташ чоғида кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларга кўмак беради, ёшлар билан суҳбатлар ўтказиб, уларни ватанпарварлик ва қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Унинг болалиги Кармана туманининг «Дўрмон» маҳалласида ўтган. Ҳозир ҳам шу маҳаллада катта оиласи билан бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Зоҳиджоннинг бугунги ютуқлари замирида отаси Зойир ака ва онаси Бибигул опанинг кўп йиллик меҳнати, сабр-тоқати ва чеккан машаққатлари мужассам.
Фарзандларимизнинг тўнғичи Зоҳиджон меҳнаткаш, масъулиятли ва катталарга ҳурматли бўлиб улғайди. Бугун унинг эл-юртимиз осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётганидан мамнунмиз, — дейди Зойир ака.
Аҳиллик, сабр-тоқат ва меҳр-оқибат асосида қурилган мазкур оила жорий йилда «Намунали оила» кўрик-танловининг республика босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Хизматдаги муваффақият, ҳаётдаги барқарорлик ва қалбдаги хотиржамлик аввало ана шу муқаддас қўрғондан бошланади. Зоҳиджон Розиқов ҳам жамики эришган натижаларида оиласининг ўрни беқиёс эканлигини эътироф этади.
Турмуш ўртоғим ички ишлар органи ходими эканлигидан фахрланаман. Эришган ютуқларимиз — биргаликдаги меҳнатимиз ва аҳиллигимизнинг самараси, — дейди аёли.
Хулоса қилиб айтганда, хизматда масъулиятли, оилада меҳрибон фарзанд, Розиқовнинг ҳаёт йўли кўпчилик ёш ходимларга ҳақиқий ибрат бўла олади.
©️ “Postda” газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.
