1 230 литр дизел ёқилғисини талон тарож қилмоқчи бўлган шахс Қўриқлаш ходимлари томонидан қўлга олинди
2026-06-12 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 11 июнь куни соат 00:10 да Зарафшон шаҳар саноат зонаси ҳудудида ҳаракатларида шубҳа уйғотган УАЗ русумли транспорт воситаси шу ҳудудда жойлашган қўриқдаги объектда хизмат олиб бораётган Қўриқлаш ходимлари томонидан қонунчиликка мувофиқ тўхтатиб текширилган.
Ўрганишлар жараёнида автотранспорт юкхонасида 41 дона идишларда ҳар бири 30 литрдан бўлган дизель ёқилғиси ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда олиб кетаётганлиги аниқланган.
Дастлабки ўрганишлар жараёнида транспорт воситаси эгаси Л.М эканлиги, ёқилғиларни ишлаб чиқарувчи завод ҳудудидан олиб чиққанлиги ва юкларни сотиб шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаши маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан шаҳар Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ашёвий далиллар билан ИИО соҳавий хизматлари ходимларига топширилган.
Ҳозирда Зарафшон шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти Ахборот хизмати
