ИИВ ва ФВВ раҳбарияти ҳузурида сув ҳавзаларида чўкиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-12 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамкорлигида республика ҳудудларида сув ҳавзаларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса вояга етмаганлар хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган танқидий муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида республика бўйича 48 та ҳолатда 57 нафар фуқаронинг сувда чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар қайд этилгани таъкидланди.
Муҳокамалар давомида чўкиш ҳолатларининг асосий сабаблари сифатида фуқароларнинг белгиланмаган ва тақиқланган жойларда чўмилиши, ота-оналар томонидан фарзандлар устидан назоратнинг етарли даражада ташкил этилмаганлиги, аҳоли ўртасида профилактик тарғибот ишларининг етарлича эмаслиги ҳамда масъул ташкилотлар томонидан назорат тадбирларининг тизимли ташкил этилмаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилиш якунида ҳудудларда хавфли сув ҳавзаларини хатловдан ўтказиш, профилактик ва тарғибот тадбирларини кучайтириш, белгиланмаган жойларда чўмилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича рейд тадбирларини мунтазам ташкил этиш, болаларнинг оромгоҳлар ва сув ҳавзаларида хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ИИВ ва ФВВ тизими ходимларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати



