ИИВ Малака ошириш институтида ахборот сиёсати ва медиа билан ишлаш масалаларига бағишланган ўқув машғулоти ўтказилди
2026-06-12 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида вазирлик Ахборот хизмати бошлиғи, полковник Шохрух Ғиёсов иштирокида профессор-ўқитувчилар ва Ички ишлар органларининг барча даражадаги бўлим бошлиқлари, туман (шаҳар, тармоқ) ички ишлар органлари бошлиғининг ўринбосари лавозимига тайёрлаш учун ўқув курси, «подполковник» махсус унвонини олиш учун навбатдаги махсус малака ошириш ва офицерлик лавозимига тайинлаш учун қайта тайёрлаш бўйича навбатдаги ўқув курслари тингловчилари учун ўқув машғулоти ташкил этилди.
Машғулот давомида ички ишлар органлари ходимларининг журналистлар ва блогерлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиши, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан тўғри ва очиқ мулоқотни ташкил этиши, шунингдек, ижтимоий тармоқлардан мақсадли ҳамда масъулият билан фойдаланиши юзасидан тавсиялар берилди.
Шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятига оид ижобий ва холис ахборотларни кенг жамоатчиликка тезкор етказиш, ахборот маконида фаол иштирок этиш ҳамда ижобий материалларни кенг тарғиб қилишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилиб, ахборот сиёсатини самарали амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
ИИВ Малака ошириш институти




