Наманган шаҳри маҳаллаларида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар ўрганилди
2026-06-12 09:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, жамоат ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллаларда профилактика инспекторлари томонидан тизимли профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Мазкур жараёнлар бошқарма раҳбарияти томонидан мунтазам ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Жумладан, бугун бошқарма бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Наманган шаҳрининг бир қатор маҳаллаларида ўрганиш ишлари олиб борилиб, профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти атрофлича таҳлил қилинди ҳамда «Ғишткўприк» маҳалласида содир этилган ўта оғир турдаги жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари жамоатчилик вакиллари иштирокида танқидий руҳда муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, ҳудудларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманлари тажрибаси асосида манзилли ишларни ташкил этиш, «қизил» тоифадаги маҳаллаларни босқичма-босқич «яшил» тоифага ўтказиш юзасидан масъул раҳбар ҳамда ходимларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






