Умр сабоқлари. Генералнинг ҳаёт формуласи
2026-06-11 16:45:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида «генерал» унвонига эришиш шунчаки мансаб ёки мартаба эмас, балки уйқусиз тунлар, масъулият ва Ватан олдидаги бурчни адо этишга бахшида қилинган умрдир.
Бугунги суҳбатдошимиз фаолияти давомида тўртта вилоят ИИБни бошқарган, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, ИИВ Академияси бошлиғи каби қатор масъул лавозимларда хизмат қилган, пенсияга чиққанидан кейин ҳам Жиззах вилояти ва Тошкент шаҳри Халқ қабулхоналари мудири сифатида эл дардига малҳам бўлган, айни пайтда ИИВ Академиясида ёшларга устозлик қилаётган истеъфодаги генерал-майор Тоҳир Муллажонов.
— Тоҳир Охунович, илк бор ички ишлар ходими формасини кийган кунингизни эслайсизми? Бугунги улкан тажрибангиз билан ўша пайтдаги ёш ходимга нималар деган бўлардингиз?
— Илк бор хизмат либосини кийган куним елкамга халқнинг осойишталигини таъминлаш масъулияти юкланганини ҳис қилганман. Ўша куни отамни эслаб кўзимга ёш келган. Бор-йўғи етти ёшимда отамдан етим қолган бўлсам-да, у кишининг ҳалоллик, одамларга яхшилик қилиш, айтилган жойга ҳеч қачон кеч қолмаслик, бировнинг вақтини ўғирлаш ҳурматсизлик бўлиши каби ўгитлари бутун ҳаётимда йўлчи юлдуз бўлди.
Тиббиёт билим юртини битириб, фельдшерлик қилган бўлсам-да, қалбимдаги асл орзуим — ички ишлар органларида хизмат қилиш эди. Шу мақсадда тинмай изландим ва ИИВ Тошкент олий милиция мактабига ўқишга қабул қилиндим.
Агар бугунги тажрибам билан ўша пайтдаги ёш ходимга маслаҳат бериш имкони бўлса: «Тўғри йўлдан кетяпсан. Олдинда сени жуда катта синовлар, қийинчиликлар, уйқусиз тунлар кутмоқда. Лекин ҳеч қачон отангнинг ўгитини унутма — ҳалоллик ва интизом сени юксакликка олиб чиқади. Қийинчиликлардан қўрқма, улар сени синдирмайди, аксинча, тоблайди», деган бўлардим.
— Узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган инсон сифатида қабул қилган энг қийин қарорингиз?
— Хизмат йўлим жуда оғир ва тарихий эврилишлар даврига тўғри келди. Биз собиқ иттифоқ даврида ҳам хизмат қилдик. Мустақилликнинг илк кунларидаги нохуш хатти-ҳаракатлар, юртимиз атрофида бўлган таҳдидларни ҳам бошимиздан ўтказдик. 90-йиллардаги Фарғона воқеалари вақтида Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи эдим. Бир гуруҳ ғараз ниятли кимсалар шаҳар тинчлигини бузиб, ҳужумлар уюштирганда, вазиятни барқарорлаштириш ва халқни қирғиндан сақлаб қолиш учун жуда тез ва қатъий қарорлар қабул қилишимизга тўғри келган.
2005 йилда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган вақтимда Андижон шаҳридаги хунрезликлар, тўполонларни бартараф этиш бўйича тузилган тезкор штаб бошлиғи бўлганман. Мана шу воқеаларда қабул қилинган ҳар бир қарор катта синов ва улкан масъулият эди.
— Тақдир сизни ички ишлар органлари тизимида ўзига хос мактаб яратган, соҳанинг чинакам афсоналарига айланган фидойи инсонлар билан елкадош бўлиб хизмат қилиш бахтига мушарраф этган...
— Албатта, тизимда ўтган йилларим мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Фаолиятим давомида кўплаб улуғ устозлардан таълим олдим, улар билан бир сафда туриб хизмат қилдим. Ҳаётий фаолиятимда ибрат мактаби бўлган олижаноб инсон — генерал-полковник Зокиржон Алматов. Шундай инсонларнинг мактабини кўриш, дуосини олиш ҳар бир ходимга насиб этсин. Чунки бу мураккаб тизимга кириб келиш осон, лекин унда ўзлигини, инсонийлик қиёфасини йўқотмай, ҳаётда муносиб ўрин топиш чинакам матонатни талаб этади.
Шу билан бирга, менинг касбий камолотимда алоҳида ўрин тутган сиймо генерал-майор Ғофур Раҳимов эди. У ходимлардан ҳеч қачон ўз ёрдамини, қимматли маслаҳатини аямасди. Бошимизга бирор мушкул иш тушса ёки мураккаб вазиятга дуч келсак, оталарча ғамхўрлик билан йўл кўрсатарди.
Жиноят қидирув соҳасига бутун умрини бахшида этган полковник Ғофур Тошматовни ҳам алоҳида эҳтиром билан ёдга оламан. Бу фидойи инсон билан беш йил давомида бирга ишлаш насиб этди. Ундаги самимийлик, касбга бўлган меҳр, ҳалоллик мен учун ҳақиқий ибрат бўлди. Иш кўплигидан кўпинча таомланишга ҳам вақт бўлмасди. Баъзан хоналарига кирсам, иш столининг тортмасини очиб, бир бўлак қотган нонни оларди-да:
— Келинг, биргаликда баҳам кўрамиз, — дерди.
Бу ҳол айни фидойиликнинг ўзи эди.
— Сизни ўта талабчан ва қаттиққўл раҳбар сифатида таърифлашади?
— Мен буни инкор қилмайман. Лекин бу талабчанлигим, қаттиққўллигим замирида ҳеч қачон шахсий хусумат ёки кимгадир ёмонлик қилиш истаги бўлган эмас. Менинг энг биринчи мақсадим — хизмат самарадорлигини ошириш, ишнинг меъёрида кетишини таъминлаш бўлган.
Хизматда интизом бўлмас экан, самара ҳам бўлмайди. Менинг талабчанлигим ходимларни асраш, уларнинг хатога йўл қўймаслиги учун бўлган. Хизматда қаттиққўл бўлдим, лекин ҳеч қачон ёлғон гапирмадим, фақат ва фақат адолатни ўзимга байроқ қилдим.
Шундай ҳолатлар бўлганки, жазони ўтаб қайтган фуқаролар:
— Ўшанда мени вақтида тўхтатиб, тўғри қилган экансиз, йўқса бундан ҳам баттар жиноятларга қўл уриб, ҳаётим бутунлай барбод бўларди, — деб раҳмат айтишган.
Шу ўринда яна бир гапни айтишим лозим. Яъни, оила ва хизмат ўртасидаги мувозанатни сақлаш ҳам жуда муҳим. Ички ишлар ходимининг оиласида хотиржамлик бўлса, у бор эътиборини Ватан ҳимоясига қаратади.
Мен хизмат юзасидан қанчалик талабчан ва банд бўлмайин, оиламдаги муҳитни, фарзандлар тарбиясини ҳамиша диққат марказида тутишга, уйга фақат ва фақат илиқлик олиб киришга ҳаракат қилганман. Раҳбар сифатида ҳам қўл остимдаги ходимларнинг оилавий шароитларига, уларнинг уйдаги ҳаловатига беэътибор бўлмаганман. Чунки мустаҳкам оила — хизматдаги муваффақиятнинг ярми.
— Бугунги ёш ходимларда сиз кўришни истаган энг муҳим фазилат нима?
— Мен хизматни бошлаган собиқ иттифоқ даврида анча қийин эди. Хизмат тақозоси билан оилам ўндан ортиқ жойга кўчиб, сарсон юрган кунларим бўлган. Лекин қийинчиликдан қочмадим, ўрганишдан асло эринмадим. Билмаганларимни устозлардан сўраб, тинимсиз ўз устимда ишладим.
Бугун ёшларимиз ўз она тилида, замонавий ахборот технологиялари асосида иш юритишади. Техника ва автомашиналарни-ку айтмаса ҳам бўлади. Бизнинг давримизда автомашиналар умуман етишмасди. Ҳозирда профилактика инспекторлари маҳалланинг ўзида, шинам хизмат уйларида яшаб, ишлашяпти.
Шундай чексиз имкониятлар бўлатуриб, озгина қийинчилик сабаб касбидан воз кечаётган айрим ёшларни кўрсам, тўғриси, хафа бўламан. Шароитнинг қадрига етиш, озгина сабрли бўлиш ва энг муҳими, янги билимларни ўрганишдан асло эринмаслик керак.
Яқинда Академияда сирдарёлик 18 ёшли 1-босқич курсантидан:
— Қайси мақсадда ўқишга кирдингиз, ўғлим? — деб сўрасам, кўзлари ёниб:
— Мен Алматовдек генерал-полковник бўлмоқчиман! — дейди.
Ҳайрат ва фахрдан кўзимга ёш келди. Мана, ёшларнинг қалбида қандай шижоат бўлиши лозим!
— Сиз ўзингизни китобхонлар сафида кўра оласизми? Энг севиб мутолаа қиладиган асарларингиз қайсилар?
— Китоб ўқимаган одамнинг дунёқараши тор, фикрлаши юзаки бўлиб қолади. Мен кўпроқ тарихий, детектив ва соҳамизга оид адабиётларни ўқийман.
Энг севимли асарларим эса буюк адибимиз Тоҳир Малик қаламига мансуб. Бу меҳр Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган кезларимда, вазиримиз Зокир Алматовнинг топшириғи билан «Шайтанат» сериалини тасвирга олаётган гуруҳни кутиб олганимда янада кучайган.
Ўшанда Тоҳир аканинг оғир жомадонига ҳайрон бўлиб қараб, ичида нима борлигини сўраганимда:
— Буларнинг ҳаммаси китоблар, бўш вақтда ўқийман, — деб жавоб берганди.
Бу гап ҳаётимда туб бурилиш ясади ва адибнинг «Шайтанат» асарини ҳамда бошқа китобларини ўқиб чиқдим. Улар шунчаки тўқима асарлар эмас, жиноят оламининг асл қиёфасини ва инсон фожиасини теран очиб берган ҳақиқий дурдоналардир.
Кейинчалик ИИВ Академияси бошлиғи бўлиб ишлаган пайтларимда Тоҳир Малик ҳам шу даргоҳда ўқитувчи эди. У киши билан соатлаб суҳбат қилардик. Ички ишлар ходимлари меҳнатини жуда қадрлайдиган, касбимизнинг паст-баландини теран англайдиган бу инсон билан жиноятчиликнинг психологик илдизлари ҳақида фикр алмашардик.
— Бугунги суҳбатимизда биз кам тўхталган, аммо сиз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган яна қайси муҳим фикрни айтишни истардингиз?
— Тўғриси, ички ишлар органларида узоқ йиллар машаққатли хизмат йўлини босиб ўтган фахрийларимиз ҳақида гапиришни истардим.
Фахрийлар тизимнинг тирик тарихи ва мустаҳкам пойдеворидир. Масалан, маҳаллаларда хизматни бошлаётган ёш профилактика инспекторларига шу ҳудудни беш қўлдек биладиган, кўпни кўрган фахрийлар устоз сифатида бириктириб қўйилса, ишда сифат ва самарадорлик юқори бўлади.
Биз уларнинг бой амалий тажрибаси ва улкан салоҳиятидан тизим ривожи йўлида унумли фойдаланишимиз керак.
Яна бир муҳим масала — ҳар бир ходим ўзидан кейин ишнинг кўзини биладиган муносиб шогирд қолдириши лозим. Бир сўз билан айтганда, тизимда устоз-шогирдлик анъаналари янада такомиллаштирилиши зарур.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Ўз мухбиримиз Сарвар СОБИРОВ суҳбатлашди.
P.S. Генерал билан суҳбатлашарканман, иш столи устида турган Абу Наср Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри», «Темур тузуклари» ва варақлари орасига хатчўп қўйилган Сирожиддин Саййиднинг шеърий тўплами беихтиёр диққатимни тортди.
Бу ҳолат унинг китоб билан доимий дўстлигидан, талабчан раҳбар қиёфаси замирида теран тафаккур ва шеъриятга ошно қалб яширинганидан далолат берарди.
Қутлуғ ёшда ҳам устоздаги шижоат ва ғайрат эса бугунги ёшлар учун чинакам ибратдир.
