Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Андижон шаҳрида содир этилган қотиллик жинояти кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилинди
2026-06-11 14:20:00 / Янгиликлар

Ўтказилган муҳокамада ушбу аянчли воқеанинг келиб чиқиш сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, жиноятга олиб келган омиллар, айниқса атрофдагиларнинг бефарқ муносабати кескин қораланди.
Таъкидланганидек, ўз вақтида огоҳлик ва масъулият билан ёндашилганда бу фожианинг олдини олиш имкони мавжуд эди.Йиғилишда оилавий-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг оғир оқибатлари ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилиб, “менга нима” қабилидаги лоқайдлик жамият учун энг катта хавфлардан бири экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, ёшлар тарбияси, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва масъулият муҳитини кучайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаси экани таъкидланди.
Бундан ташқари, бугунги кунда тобора авж олаётган кибержиноятчилик, шунингдек, уй-жой ва автомашина олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ҳам муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Фуқароларга номаълум шахсларга ишонмаслик, ҳар қандай молиявий муносабатларда ҳушёр бўлиш ва қонуний ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди.
Тадбир якунида маҳалла фаоллари томонидан содир этилган мудҳиш ҳолатда уларнинг ҳам ўзига яраша айби бор эканлиги таъкидланиб, бундан кейин қўни-қўшнилар ўртасида бўлаётган низоли ҳолатларга бефарқ муносабатда бўлмаслик борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
“Жиноятга қарши курашиш — аввало бефарқликка қарши курашишдир”, деган мазмундаги чақириқ тадбирнинг асосий ғоясига айланди. Чунки огоҳлик бор жойда — хавф камаяди, бирлик ва ҳамжиҳатлик бор жойда эса тинчлик мустаҳкам бўлади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати



