Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Жиззах вилоятидаги ўрганишлар давом этмоқда
2026-06-11 11:40:00 / Янгиликлар

Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1 ва ПҚ–2-сонли қарорлари ижросини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини ошириш мақсадида Жиззах вилоятида комплекс ўрганишлар олиб борилмоқда.
Ўрганишлар доирасида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Ботир Қудратхўжаев ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида қатор соҳаларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Жумладан, вилоят ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси фаолияти ўрганилиб, ҳудуддаги кибержиноятлар таҳлили, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитлари, соҳадаги муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, руҳий касалликлар, спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишилди. Масъулларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Маҳаллаларда хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш, низоли оилалар билан ишлаш, эрта туғруқ ва вояга етмаган қизлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилди. Муаммоли тоифага кирувчи қизларни касб-ҳунар ва ўқув курсларига жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ижобий тажрибалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Жиззах политехника институтида маҳалла еттилигини низоларни медиация усулида ҳал этиш кўникмаларига ўқитишга бағишланган семинар ташкил этилди. Унда оилавий низоларни медиация орқали ҳал этиш ҳамда маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш масалалари бўйича маърузалар тингланди.
Ўранишлар давом эттирилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати



