Ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлаш: илғор тажрибалар ва замонавий ёндашувлар
2026-06-10 18:50:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида «Ички ишлар органлари учун малакали кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишдаги илғор хорижий ва миллий тажрибалар» мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик, «Profi University» ректори Шаумаров Ғайрат Бахромович, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Олий таълим тизими кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Мудофаа вазирлиги Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа Университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Божхона қўмитаси Божхона институти, Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти, «Profi University», Тошкент халқаро университети, ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Махсус тайёргарлик ўқув марказларининг профессор-ўқитувчилари ва етук мутахассислари иштирок этдилар.
Мазкур анжуман ички ишлар органлари тизимида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги мавжуд тажрибаларни таҳлил қилиш, илғор миллий ва хорижий ёндашувларни ўрганиш ҳамда таълим жараёнига татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилишга бағишланди.
Анжуманни Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти бошлиғи, полковник Олимжон Ахмедов очиб берди. У ўз маърузасида мамлакатимизда ички ишлар органлари кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, хизмат фаолиятига замонавий билим ва кўникмаларни жорий этиш, ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги глобаллашув шароитида ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш соҳасига қўйилаётган талаблар тобора ортиб бормоқда. Шу боис ички ишлар органлари ходимларининг касбий тайёргарлиги, ҳуқуқий билими, психологик барқарорлиги ва замонавий технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Конференция доирасида иштирокчилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлашнинг халқаро стандартлари, таълим сифатини ошириш механизмлари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини рақамлаштириш, амалий машғулотлар самарадорлигини юксалтириш ҳамда таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари юзасидан илмий маърузалар тақдим этилди.
Муҳокамалар жараёнида илғор хорижий тажрибаларни миллий таълим тизимига мослаштириш, соҳавий таълим муассасалари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида конференция иштирокчилари томонидан билдирилган фикр ва тавсиялар ички ишлар органлари учун рақобатбардош, юксак касбий салоҳиятга эга кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Илмий-амалий анжуман соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Конференцияда ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар, келгусида Ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашда ўзининг ижобий самарасини беради.







