Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Жиззах вилоятида тергов сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-10 18:40:00 / Янгиликлар

Юқорида хабар берганимиздек, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Б. Қудратхўжаев ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида ўрганиш ишларини давом эттириб, Давлат раҳбарининг 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида тергов сифатини ошириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан берилган топшириқлари ижроси билан яқиндан танишди.
Хусусан, вилоят прокуратураси ва ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчилари иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борилиши, ҳудудда содир этилган жиноятларни фош этиш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи муҳокама қилиниб, соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар, амалиётдаги мавжуд муаммоли масалалар таҳлил этилиб, масъулларга зарурий кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, тергов сифатини янада яхшилаш, далилларни ўз вақтида олиниши, расмийлаштирилишида рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш, жиноят-процессуал қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, жиноят оқибатида етказилган зарарнинг дастлабки тергов даврида ундирилишига қаратилган барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш, соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш, терговчилар, хусусан, ёш мутахассисларнинг тергов сифати ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида мунтазам равишда уларнинг билим ва кўникмаларини ошириб бориш юзасидан тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати





